Хитойнинг Lucky Air авиакомпанияси учувчиси йўловчиларни рейсни қолдиришга қарши норозилик қилишга чақиргани учун ишдан четлатилди. Бу ҳақда The Journal.ie портали хабар бермоқда.

Воқеа сешанбага ўтар кечаси рўй берган бўлиб, лайнер Сишуанбаньн-Дай мухтор округидаги аэропортдан Куньмин шаҳрига учиши лозим эди. 

Белгиланган вақтдан тахминан ярим соатлар ўтиб номи ошкор этилмаётган учувчи рейснинг парвоз вақти кечиктирилаётгани ҳақида маълум қилган. Унинг аниқлик киритишича, самолёт ўрнига бошқа йирикроқ авиакомпаниянинг лайнери учирилиши керак бўлган. 

“Мен жуда ғазабдаман. Илтимос, самолётдан чиқинглар. Келинглар аэропортга босим ўтказамиз – ўзингизнинг норози эканлигингиз ҳақида айтинг”, - дея йўловчиларга мурожаат қилган эркак. Баъзи бир йўловчилар бундай маслаҳатга амал қилиб, учиш майдонига чиқишган ва вазиятга ойдинлик киритишни талаб қилиб қичқиришган. Баъзи бир саёҳатчилар эса бу пайтда селфи қилиш билан банд бўлишди.

Орадан уч соат ўтиб ҳаво кемаси парвоз қилган. Шу билан бир қаторда, баъзи бир йўловчилар бортга қайтишни истамай, аэропортда қолишган. 

Lucky Air ҳодисани текширувдан ўтказиб, учувчини ишдан четлатди. Рейсни вақтинчалик кечиктириш учувчи ва аэропорт вакиллари ўртасидаги тушунмовчилик сабаб рўй берган, деб воқеага аниқлик киритган авиаташувчи ходимлари.