Сешанба куни Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи сўнгги тур учрашувларига старт берилади. Кўп жамоалар кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлишига қарамай, ҳали очиқ қолган бир қатор саволлар мавжуд. 6-тур бу саволларга жавоб бериши керак бўлади. Tribuna.Uz ЕЧЛ учрашувлари анонси билан таништириб ўтади.

А гуруҳи

ПСЖ – ЛУДОГОРЕЦ (Тошкент вақти билан – 00:45)
Бош ҳакам: 
Тасос Сидиропулос (Греция)

Лондонда қўлга киритилган икки тўпли дуранг сўнгги тур олдидан парижликларни гуруҳ ғолиблиги учун имкониятини кескин оширди. Исталган ҳисобдаги ғалаба Унаи Эмери жамоасини гуруҳни биринчи ўрин билан якунлашига сабаб бўлади. Болгария жамоаси эса 5турдан кейин 2 очко тўплаган ҳолда ҳамон еврокубоклардан умидини узгани йўқ. «Базель» билан Европа лигаси учун курашаётган «Лудогорец»ни ҳам кейинги учрашувдаги ҳисоб қизиқтирмаслиги мумкин. Бунинг учун жамоа Парижда ғалаба қозонса бўлди. Швейцарияликлар ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзаро ўйинга кўра болгарлар 3-ўрин билан кейинги босқичга чиқади.

«ПСЖ» учрашувга жуда ёмон кайфиятда етиб келмоқда. Жамоа Франция чемпионатининг ўтган турида «Монпелье»га кутилмаганда йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Энди Эмери пешқадам билан орадаги тўрт очколик фарқни йўқотишга бош қотириши керак. «Лудогорец» эса аллақачон Евромавсумдан бошқа ўйинларга бош қотирмай қўйган.

Мезбонлар таркибида Марко Верратти майдонга туша олмайди. Шунингдек Адриен Рабьо ва Хавьер Пастореда ҳам жароҳат мавжудлиги боис бу учрашувда майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Болгарияликлар таркибида эса биргина Витиньяда жароҳат бор.

БАЗЕЛЬ – АРСЕНАЛ (00:45, Матч! Наш спорт)
Бош ҳакам: 
Мануэл де Соуза (Португалия)

«Арсенал» кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлишига қарамай 1/8 финалда энг кўп дуч келадиган муаммоси фаворитларга қарши («Барселона» 1-ўринни нақд қилиб қўйган, айтганча) дуч келиб қолиш хавфи остида қолмоқда. Лондонда ғалабани қўлдан чиқарган Венгер шогирдлари энди Швейцарияда ғалаба қозониш билан бирга «Париж» очко йўқотишига умид қилиши керак. «Базель»да ҳам Европа лигаси йўлланмаси учун худди рақибларидек вазият.

«Арсенал» ўйинга яхши кайфиятда етиб келмоқда. Англия чемпионати сўнгги турида Венгер шогирдлари «Вест Ҳэм» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. «Базель» эса асосий рақиби «Янг Бойз»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.

Андрец Шпорар «Базель» таркибида жароҳат олган ягона футболчи бўлиб турибди. «Арсенал»да эса ҳар доимгидек бу борада бир «пачка» муаммо: Франсис Коклен, Лукас Перес, Санти Касорла, Эктор Бельерин.