Сешанба куни Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи сўнгги тур учрашувларига старт берилади. 6-тур олдидан ҳақиқий интрига сақланиб қолган В гуруҳи анонси билан Tribuna.Uz таништиради.

В гуруҳи

ДИНАМО КИЕВ – БЕШИКТОШ (00:45, Матч! Арена)
Бош ҳакам:
Крейг Томпсон (Шотландия)

Даъвогар учлик ичида энг охирги ўринда қайд қилинган бўлишига қарамай, «Бешиктош» кейинги босқичга чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Шенол Гўнеш шогирдлари Киевдан ғалаба билан қайтишса, кифоя, нариги ўйин натижаси улар учун фақат гуруҳдаги 1-2 ўрин масаласини ҳал қилиб беради. Ребров жамоаси эса барча имкониятларини йўқотиб бўлган.

Иккала жамоа ҳам сўнгги пайтларда маҳаллий чемпионатда синхрон натижа қайд қилиб келяпти. Дуранг, кейин ғалаба, кейин яна дуранг. Сўнгги турда «Бешиктош» Истанбул дербисида «Фенербаҳче» билан нурсиз ҳисоб (0:0) қайд қилган бўлса, Ворсклада қорли стадионда киевликлар шаҳар жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашган.

Мезбонлар таркибида Валерий Федорчук ва Данилода жароҳат бор. Меҳмонлар таркибида эса шундай муаммога дуч келган футболчилар сони учта: Жанер Эркин, Талиска ва Родолфо. Қолган чизиқларда жамоа жанговар таркиб билан ҳаракат қилишга шай бўлиб турибди.

БЕНФИКА – НАПОЛИ (UzReport TV, 00:45 Матч! Футбол 2)
Бош ҳакам:
Антонио Мэтью Лаос (Испания).

Куннинг том маънода марказий учрашуви. Плей-офф йўлланмаси ўйналадиган ўйин. Ўз уйида қайд этган ажойиб натижаси (4:2) сабаб бу учрашувда италияликларни дуранг ҳам қаноатлантиради. «Бенфика» эса фақат ва фақат ғалаба қозониши керак бўлади.

Ўйин олдидан лиссабонликларнинг кайфиятини яхши деб бўлмайди. ЕЧЛ ҳақида шунчалик қаттиқ ўйлаб юборишди шекилли жамоа ўтган ҳафта ички биринчиликда кутилмаганда «Маритиму»га имконият бой берилди – 1:2. Маурисио Сарри жамоаси эса Португалияга ажойиб натижа билан етиб келди. Азалий рақиблардан бири «Интер» ўтган ҳафтада Неаполда тор-мор этилди – 3:0.

Жароҳатлар бўйича ҳам «Бенфика»нинг омади чопмаган. Жамоанинг асосий ўйинчилари Элизеу, Алекс Грималдо, Андре Ҳорта бугун жамоасига ёрдам бера олмайди. «Наполи»да эса энди янгилик бўлмай қолган Аркадиуш Миликнинг узоқ вақтдан буён даволанаётганини ҳисобга олмаса жанговар таркиб ўйинга шай.