Молиялаштириш етишмаслигига қарамасдан, Эронда баллистик ракеталар ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда. Бу ҳақда Tasnim ахборот агентлигига Эрон армиясининг ҳарбий-коинот кучлари қўмондони, генерал Амир Али Ҳожизода маълум қилди.  

"Молиялаштириш етишмаслигига қарамасдан, бизнинг мутахассислар баллистик ракеталарни яратишдаги харажатларни камайтиришга муваффақ бўлишди. Натижада биз бугун ишлаб чиқариш ҳажми ошганини кўрмоқдамиз", деб айтди генерал. Унинг айтишича, Эрон мудофаа-саноат мажмуасининг ракета техникаси соҳасидаги асосий йўналишлар "унинг аниқлиги ва сифатини ошириш" ҳисобланади.

"Эрон олдида турган ва АҚШ бошчилигидаги ёвуз кучлар томонидан яратилаётган хатарларга қарши туришнинг ягона йўли мамлакат раҳбарининг (оятуллоҳ Али Ҳаменеий) кўрсатмаларини сўзсиз бажаришимиз ҳисобланади. Айнан шу кўрсатмалар туфайли айни вақтда биз ҳарбий-саноат мажмуасининг кўплаб соҳаларида ўз-ўзимизни таъминлашга эришдик", деб айтди генерал. 

Охирги вақтда Ғарб Эрон ракета дастурининг ривожланишидан, хусусан, баллистик ракеталар синов парвозлари ўтказилишидан хавотир билдирмоқда. Бироқ Теҳрон бу синовлар Эрон мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш доирасида ўтказилаётгани ва ҳеч қандай вазиятда баҳслар ва музокараларга мавзу бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб келмоқда.