Ҳиндистон ҳукумати Тамилнад штати раҳбари Жаялалита Жаярам вафоти муносабати билан мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар берди. 

Машҳур сиёсий арбоб, собиқ тамил киноси юлдузи Жаялалита 69 ёш арафасида ҳаётдан кўз юмди. У жорий йилнинг 22 сентябридан буён шифохонада бўлган. Шифохонага келтирилган вақтида сиёсатчи иситма ва ҳолсизликдан шикоят қилган. 

Якшанба куни Тамилнад раҳбарининг аҳволи яхшилангани ҳақида хабар берилганди, бироқ бир неча соат ўтгач, у юрак хуружини бошидан ўтказган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, сиёсатчи душанба куни  ҳаётдан кўз юмган. 

Жаялалитанинг хизматлари шарафига унинг дафн маросими давлат томонидан ташкиллаштирилиши маъулм бўлди. Сўнгги йўлга кузатиш маросими сешанба куни Ченнаида бўлиб ўтади. Штаб раҳбарининг дафн маросимида мамлакат президенти Пранаб Кумар Мукержи ва бош вазир Нарендра Моди қатнашиши кутилмоқда. 

Юксак мартабали икки сиёсатчи ҳам Жаялалитанинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдиришди. 

Штатда бир ҳафталик мотам эълон қилинган бўлиб, ўқув муассасалари 3 кунга ёпилди. 

Манбага кўра, штатга янги раҳбар тайинланган - О. Паннирселвам. У ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан бирга қасамёд келтирган. 

Паннирселвам бундан аввал ҳукуматда молия вазири лавозимида фаолият юритган.