Квебекнинг Girfalco компанияси ўзининг илк модели – спорт электр трицикли Azkarra суратларини ва унинг техник кўрсаткичларини эълон қилди. У юз километр/соат тезликка эришиш учун 3 сониядан камроқ вақт сарфлаши таъкидланмоқда. Ундан атиги 100 нусха чиқариш режалаштирилган, биринчи йилда 25тагина ишлаб чиқарилади. 

Электрокар уч хил намунада: асосий, S таснифидаги «кучайтирилган» ва Unique Edition «эксклюзив» намунасида ҳавола этилади. Шу билан бирга, энг арзон ва қиммат вариантлари ўртасидаги фарқ жуда каттадир. 

Энг арзон Girfalco Azkarra моделига 73 от кучига эга, битта электр мотор ўрнатилади. Баъзи ҳолларда у қисқа муддатга 102 от кучи билан таъминлай олади. Унинг вазни 480 кг бўлиб, 4,5 сонияда «юз»га чиқа олади. Энг юқори тезлиги соатига 200 кмни ташкил этади. 

S тоифасига жами 220 от кучига эга 3та электромотор жойлаштирилади. Улар айрим ҳолларда 306 от кучини бера олади. Унинг вазни 510 кг бўлиб, соатига 100 км тезликка 2,5 сонияда эришади. Бу трициклнинг максимал тезлиги соатига 240 кмни ташкил этади. 

Иккаласи ҳам бир марта қувватлангач, 200 кмга яқин масофани ортда қолдира олади. Махсус қувватлагичлардан фойдаланилганда, аккумуляторларни ярим соатда 80 фоизга тўлдириш мумкин. 

Энг арзон Azkarra мижозга 67,5 минг Канада доллари (50,8 минг АҚШ доллари)га айланади. S таснифи учун 97,5 минг доллар (73,5 АҚШ доллари)нинг баҳридан ўтиш талаб этилади. Супертрицикл савдоси 2017 йил баҳоридан бошланади.