АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ва Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь ўртасидаги телефон мулоқотидан кейин Хитой томони ўзини хотиржам тутганидан ҳайронлигини маълум қилди.

"Бу мулоқот Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга шикаст етказмаслигига ишонч билдириб ўзини хотиржам тутаётган Хитой томонининг позицияси менда катта таассурот қолдирмоқда", — дея Киссинжернинг сўзларини келтирган Рейтер агентлиги.

Дональд Трамп 2 декабрь куни Twitter’даги саҳифаси орқали сайловлардаги ғалабаси билан қутлаш учун Тайвань президенти Цай Инвэннинг ўзи унга қўнғироқ қилганини билдирди. 

Бу АҚШ ва Тайвань президентларининг икки давлат 1979 йилда дипломатик алоқаларни узганидан кейинги биринчи мулоқоти

Оқ уй ушбу суҳбат ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Бу ҳақда янгиликлар пайдо бўлганидан сўнг маъмурият «ягона Хитой» сиёсати тарафдори бўлиб қолиши ва Пекинни қўллаб-қувватлашини билдиришга шошилди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШнинг сайланган президенти ва Тайвань президенти ўртасидаги мулоқот икки давлат ўртасидаги муносабатларга зиён етказмаслигига умид билдирди. У Трамп ва Цай Инвэнь ўртасидаги телефон орқали мулоқот «бор-йўғи кичик муғомбирлик» бўлгани ҳақида гапирди.

Киссинжер президент Ричард Никсон (1969—1974) маъмуриятида президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган, 1973-1977 йилларда эса АҚШ Давлат котиби сифатида фаолият кўрсатган. У Никсоннинг 1972 йили Пекинга ташрифи ва унинг ХХР раиси Мао Цзэдун билан учрашуви ташкилотчиларидан бири бўлганди. Бу америкаликлар президентининг коммунистик Хитойга илк ташрифи эди. Икки мамлакат ўртасида 1979 йилда дипломатик алоқалар йўлга қўйилган. Шундан бери АҚШ Тайванни Хитой таркибида ҳисоблай бошлаган.

92 ёшли Киссинжер ўз вақтида АҚШ ва собиқ иттифоқ муносабатларидаги кескинликни юмшатиш ташаббускори бўлган. 1973 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотини олган.