Лос-Анжелес (Калифорния штати) ҳукумати душанба куни портлаш рўй бериши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлганидан сўнг, қўшимча хавфсизлик чораларини қабул қилди. Хабарда айтилишича, нохуш ҳолат мегаполис метрополитенида рўй бериши мумкин, деб ёзади Associated Press (AP) агентлиги.

ФҚБнинг Лос-Анжелес шаҳридаги бўлинмаси директори ўринбосари Дирдри Файкнинг хабар беришича, бюро ходимлари қандайдир хорижлик шериклардан тегишли огоҳлантириш олишган. Тайёрланаётган ҳужум бир кеча-кундузда "Юниверсэл-сити" станциясида рўй бериши мумкин. Файкнинг сўзларига кўра, ҳозирча маълумотнинг тўғрилиги тасдиқланмаган, бироқ ҳукумат қўшимча чораларни кўриш билан банд.

AP’нинг таъкидлашича, айни дамда шаҳар метро ва кўрсатилган станцияда патруль хизмати кучайтирилган. Маҳаллий шериф ёрдамчилари, фуқаролик кийимидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва кинологлар барчани текширувдан ўтказмоқда.