Россия ҳукумати хориждан келувчи ишчиларнинг 2017 йилдаги квотасини белгилади

Жаҳон 06 Декабрь 2016 7583
Фото: ystav.cоm

Россия ҳукумати 2017 йилда хорижий ишчиларни жалб қилишдаги эҳтиёж миқдорини аниқлади. У жорий йилдаги талабнинг 82,7 фоизини ташкил этган, деб хабар беради РФ Вазирлар маҳкамаси сайти.

“Федерация субъектлари таклифлари асосида 2017 йилдаги хорижий ишчиларни жалб қилиш эҳтиёжи аниқланди. Бу – 177 043 киши бўлиб, 2016 йилдаги талабнинг 82,7 фоизни ташкил этади”, - дейилади Россия бош вазири Дмитрий Медведев томонидан имзоланган ҳужжатда.

Таъкидланишича, қабул қилинган қарорлар иш берувчиларнинг малакали хорижий ишчиларга бўлган талабини қондириш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан Россияда футбол бўйича 2017 йилги конфедерациялар Кубоги ва 2018 йилги Жаҳон чемпионати баҳсларини ўтказишда кўмак беради.

Маълумот учун, мамлакат вазирлар маҳкамаси ноябрда 2017 йилда вақтинчалик яшаш учун квоталар ҳажмини 15 мингга қисқартирганди.
 

Кўпроқ янгиликлар