Ўзбекистон 27 давлатдан келадиган сайёҳлар учун виза тартибини бекор қилди

Ўзбекистон 06 Декабрь 2016 79290

2017 йил 1 апрелдан бошлаб туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади. Бу хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Шунингдек, Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи фуқаролари учун виза режими бекор қилинади.

Юқорида номлари келтирилган хорижий давлатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасига киришда 50 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетига ўтказиладиган кириш йиғими тўлайди.

Кириш йиғими тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мамлакатга кириш учун асос ҳисобланади.

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда хорижий фуқаролар томонидан кириш йиғими тўланиши тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин", дейилган фармонда.

Шу билан бир қаторда, 2017 йил 1 январдан бошлаб барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона сайёҳлик визасини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим. Бунда транзит, халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида виза олиш тартиблари сезиларли соддалаштирилади. Шунингдек, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида фаолият олиб борувчи чет эллик мутахассисларга рухсатнома олишни уларга жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашда имтиёзлар тақдим этган ҳолда соддалаштириш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, визаларни расмийлаштириш ва тақдим этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, жумладан, виза олиш учун ҳужжатларни топшириш ва анкеталарни тўлдиришда Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари ва Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармасига ташриф буюрмаган ҳолда онлайн тўлдириш тизимидан фойдаланиш, шунингдек, 2018 йилдан бошлаб электрон виза тизимини татбиқ этиш ҳам белгиланган.

Мутасадди давлат ташкилотларига келгуси йилнинг апрелигача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганчдаги халқаро аэропортларда республикага келаётган ва ундан кетаётган чет эллик сайёҳлар учун паспорт ва божхона назорати, юкларни олиш ва транспорт хизмати соддалаштирилган «яшил йўлак» божхона назорати тизимини жорий этиш бўйича зарур чораларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Республиканинг аэропорт ва вокзалларида чет эл фуқароларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда жараёнларни тезлаштириш мақсадида резидент ва норезидентлар учун алоҳида паспорт назоратидан ўтиш ташкил этилади.

Тегишли тузилмаларга қўшимча равишда йўловчиларга бепул асосда кўрсатилаётган хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, аэропорт ва темир йўл вокзалларида қулай сайёҳлик информацион муҳити, жумладан, сайёҳлик-маълумот пунктлари, сайёҳлик навигация тизимлари, мўлжал олиш белгилари ва бошқаларни ташкил этиш топширилди.

Мазкур фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов зиммасига юкланган.

Манба: ЎзА

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 101698 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 48296 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 52684 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9753 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20449 Ўзбекистон
АҚШ ИШИДни мағлуб қилгандан кейин Сурияни тарк этишга ваъда берди 
08:05 654 Жаҳон
Барселонадаги терактга алоқадор бўлган барча террорчилар йўқ қилинди
07:52 542 Жаҳон
Трампни руҳшуносга юбориш таклиф этилди
07:32 1303 Жаҳон
Яшнободда автомашина эшигини сих орқали очиб, 1500 долларни ўмарган шахс ушланди
02:51 2132 Жамият
Самарқандда жисмоний имконияти чекланган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
02:50 764 Жамият
Кўпроқ янгиликлар