ЎФФ расмий сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2017 йилнинг 21-24 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида навбатдаги ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Бу йиғин доирасида терма жамоа Грузия термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказади.

ЎФФ расмий сайти маълумотига кўра, мазкур учрашув 2017 йилнинг 23 январь куни бўлиб ўтади. Бўлажак ўйин Ўзбекистон терма жамоаси учун ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичи, иккинчи даврасига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Бундан аввалги хабарларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 февраль куни Туркиянинг Анталия шаҳрида Арманистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши ҳақида айтилганди.

Қайд этиш керакки, Грузия терма жамоаси Европа қитъасидан ЖЧ–2018 саралаш босқичи D гуруҳидан ўрин олган бўлиб, 2 очко тўплаган ҳолда 6та жамоа орасида 5-ўринда бормоқда.

Самвел Бабаян мураббийлиги остидаги терма жамоа ЖЧ–2018 учинчи саралаш босқичи ўйинларини 2017 йилнинг 23 март куни Сурияга қарши сафардаги ўйин билан давом эттиради. 

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичи А гуруҳи 5-туридан сўнг 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Гуруҳ пешқадами Эрон ҳисобида 11 очко, иккинчи ўринда бораётган Жанубий Кореяда 10 очко мавжуд.