6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент вакиллари ўз ишларини “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар.

“Прокуратура органлари ходимларининг касб байрамини белгилаш прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, улар томонидан хизмат вазифаларининг виждонан бажарилишини рағбатлантиришга хизмат қилади”, дейилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати берган маълумотда.