АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ва мамлакат энергетика вазирлиги ҳамкорликда Айдаҳо штатида 1,65 млрд долларлик иншоот барпо этишини эълон қилди. Ўзига хос махсус ядро чиқиндихонаси бўлган бинода ҳарбий ва сувости кемаларидан чиққан ядро ёқилғиси қолдиқлари сақланади. 

Янги иншоотни Айдаҳо миллий лабораториясининг 2,3 минг квадрат километрлик майдонида барпо этиш режалаштирилган. У АҚШнинг атом энергетикаси соҳасидаги тадқиқотлар ўтказадиган муҳим объектларидан биридир. 

Мазкур лаборатория 1957 йилдан бери Америка ҳарбий кемаларининг ядро чиқиндиларини қабул қилади. Янги бино қуриш мажбурияти мавжуд корхоналарнинг анча эскиргани ва янги турдаги ҳарбий кемалардан келтириладиган ядро қолдиқларини қабул қила олмаслиги билан изоҳланади. 

Иншоотни қуришга тайёргарлик 2017 йилда бошланади. Қурилиш ишлари 2020 йил бошларида якунланади. У 2060 йилгача хизмат қилиши режалаштирилган.