"Антонов" Дональд Трампга ўз самолётларини таклиф қилди

Жаҳон 07 Декабрь 2016 9912
Фото: © RIA

Украинанинг авиасозлик концерни "Антонов" АҚШнинг бўлғуси президенти Дональд Трампга биринчи рақамли борт сифатида ўз самолётидан фойдаланишни таклиф қилди.

"Балки биринчи рақамли борт сифатида "Антонов" самолётидан фойдаланган маъқулроқдир?", деб айтилди концерннинг Twitter’даги саҳифасида. Концернда бу самолёт қанча туриши борасида аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ Трамп Boeing’нинг янги президент самолётлари 4 млрд долларга айланишини айтиб, харажатлар жуда катталиги сабабли битимни бекор қилиш билан таҳдид қилганди.

Ҳозирда АҚШ президенти 30 йил аввал яратилган иккита Boeing 747-200B самолётидан фойдаланади. Янги самолётларни 2023-2024 йилларда сафга тушириш режалаштирилган.

Жорий йил январида Boeing компанияси АҚШ президентлари учун Boeing 747-8 негизида янги авлоддаги самолётларни яратишга шартномани олганди. Дастлаб шартнома қиймати 3 млрд долларни ташкил қилиши тахмин қилинганди. Агар бу самолётлар яратилгудек бўлса, Трамп уларда иккинчи муддатга сайланган тақдирдагина парвоз қила олиши мумкин. 

"Антонов" концерни 2005 йилда яратилган. Концерн томонидан "Руслан" ва "Мрия" каби улкан самолётлар яратилган.  

 

Кўпроқ янгиликлар