Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи сўнгги тур учрашувлари чоршанба куни ҳам давом эттирилади. Tribuna.Uz дастлаб Е гуруҳи ўйинлари анонсини тақдим этади.

Байер – Монако (Тошкент вақти билан – 00:45)
Бош ҳакам: 
Гедеминас Мажейка (Литва)

Бугун ҳам амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган бир қатор ўйинлар бўлиб ўтади. Шундай учрашувлардан бири плей-оффга чиққани аниқ бўлиб улгурган «Байер» ва «Монако» тўқнашувидир. Францияликлар гуруҳ ғолиблиги масаласини ҳал қилиб бўлган, «Байер»нинг эса иккинчи ўринни эгаллашига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди.

Аммо бу учрашув қайсидир маънода «Байер»га муҳим дейиш мумкин. Чунки жамоа барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда кетма-кет тўртта учрашувдирки, ғалаба қозона олмаяпти. «Монако» устидан қозонилган ғалаба жамоага ишончни қайтариши мумкин. «Монако» эса чемпионлар лигасида масалани ҳал қилишидан ташқари Франция чемпионатида ҳам фантастик иштирокини давом эттирмоқда. Сўнгги 4та учрашувда жамоа рақиблар дарвозасига 13та гол киритди. Жамоа жами 49та гол билан Европанинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турибди. Ҳозирча жамоаларнинг ўзаро ўйинида 3та ғалаба ва 2 дуранг қайд қилинган. «Байер» бирор марта ҳам «Монако»дан устун кела олмаган. 

Мезбонлар таркибида Умар Топрак, Владлен Юрченко Жонатан Та жароҳатларидан қутулиб сафга қайтишган. Бироқ шунга қарамай, жамоа лазарети етарли даражада тўла  турибди. Адмир Меҳмеди, Кевин Фолланд, Кевин Кампл, Карим Беларабий, Ларс Бендер каби етакчилар учрашувни ўтказиб юбориши кутилмоқда. «Монако»да эса ҳозирча фақатгина дарвозабон Даниел Субашичнинг иштироки сўроқ остида қолмоқда.

Тоттенҳэм – ЦСКА (00:45, Матч ТВ)
Бош ҳакам: 
Никола Риццоли (Италия)

«Уэмбли»да муваффақиятсиз иштироки сабаб муддатидан олдин плей-офф йўлланмасидан маҳрум бўлган лондонликлар ҳеч бўлмаса Европа лигаси йўлланмасини сақлаб қолиши учун ЦСКАга қарши майдонга чиқади. Леонид Слуцкий учун сўнгги учрашувда «армиячилар» фақат ғалаба қозонган тақдирдагина еврокубокларнинг баҳорги мавсумига йўлланма олиши мумкин.

Иккала жамоа ҳам учрашувга чемпионатда қозонилган йирик ҳисобдаги ғалабалари билан келмоқда. «Тоттенҳэм» «Суонси» дарвозасига жавобсиз бешта гол киритган бўлса, ЦСКА Слуцкийнинг Россия чемпионатидаги сўнгги учрашувида «Урал»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жамоаларнинг Москвадаги тўқнашувида ягона гол Почеттино жамоаси учун ҳозирча Европа лигаси йўлланмасини тақдим этиб турибди. Жамоалар бундан бошқа ўзаро ўйинларда иштирок этишмаган.

«Тоттенҳэм» таркибида Эрик Ламела ва Винсент Янссен жароҳати сабаб майдонга чиқа олмайди. Шунга қарамай таркибда етарлича ротация бўлишини кутиш мумкин. ЦСКАда узоқ муддатга дисквалификация қилинган Ерёменкони айтмаганда жанговар таркиб Лондонга учиб кетган.