Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизими жорий этилади. Бу ҳақда мамлакатнинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берган.

Ҳужжат туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлаш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, уни мамлакат иқтисодиётини барқарор ўстиришнинг, минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишда туризм ролини кучайтиришнинг қудратли воситасига айлантиришга қаратилган.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб туризм фаолиятига лицензия бериш вазифаси Вазирлар Маҳкамасидан янги ташкил қилинган давлат қўмитасига ўтказилади, бунда меҳмонхоналар ва одамлар яшайдиган бошқа жойларнинг лицензия олишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

Ўз навбатида 2018 йилдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини хорижий туристларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мажбурий сертификатлаш жорий этилади.

Хорижий туристлар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигини ошириш мақсадида давлатнинг виза сиёсатини тубдан либераллаштиришни назарда тутувчи фармоннинг энг муҳим жиҳати қуйидагилардан иборатдир:

 - 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 15 давлат, шу жумладан Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Жанубий Корея, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония каби давлатларнинг туристлари, шунингдек 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи 12 давлат, шу жумладан Бельгия, Индонезия, Хитой (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг фуқаролари учун виза режими бутунлай бекор қилинади;
 - барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визалари жорий этилади, визалар олиш, шу жумладан виза олиш сўровномаларини тўлдиришнинг онлайн тизимидан фойдаланган ҳолда олиш тартиби сезиларли равишда соддалаштирилади, шунингдек 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизими жорий этилади.