Ҳавайида чоршанба куни Япониянинг АҚШга қарашли Перл-Ҳарбор базасига ҳужум уюштирганига 75-йил тўлиши муносабати билан махсус тадбирлар бўлиб ўтди. Бу воқеа Тинч океанида уруш бошланишига сабабчи бўлган.

1941 йилнинг 7 декабрь куни юз берган кутилмаган ҳужум оқибатида 2,4 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган бўлиб, 1,2 минг инсон жароҳат олган. АҚШ Тинч океани флотининг катта қисми эса ишдан чиқарилган. АҚШ ўша куннинг ўзидаёқ Японияга уруш эълон қилиб, 1945 йилнинг 2 сентябрь куни унинг таслим бўлишига эришган.

Перл-Ҳарбор базасидаги маросимда 1941 йилдаги ҳужумда омон қолган ҳарбий хизматчилар иштирок этди. 

Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Гарри Гарриснинг маълум қилишича, Перл-Ҳарборга ҳужум “барча йўналишлар бўйича ҳалокатли оқибатларга олиб келган”. 

Маросим ҳужум рўй берган куни бортида деярли 1,2 минг киши ҳалок бўлган “Аризона” кемаси чўкиб кетган жой ёнида ўтказилди. Ветеранлар кема ётган жой устидан махсус кемада сузиб ўтиб, сувга гулчамбарларни ташлашди.