Франциянинг собиқ бюджет вазири Жером Каюзак 3 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар қилмоқда Associated Press агентлиги.

Ҳукмни Париж суди қабул қилган. Каюзак солиқ тўламаслик ва пулни ноқонуний ўтказишларда айбланган. Суд қарорига кўра, Каюзак «фавқулодда ва ўта жиддий» қоидабузарликларга йўл қўйган.

Таъкидланишича, собиқ вазир ва унинг икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган рафиқаси 20 йил мобайнида хориждаги ноқонуний ҳисоб рақамларидан фойдаланишганига иқрор бўлишган. Айни вақтда улар солиқлар бўйича 2,3 млн евролик қарзини тўлашган. 

Прокуратуранинг қайд этишича, Каюзак умумий ҳисобда 3,5 млн еврони давлат солиқ хизматидан яшириб қолган. 

Франция президенти Франсуа Олланд ҳукуматидаги асосий вазирлардан бири Жером Каюзак 2013 йилда истеъфога чиқарилган эди. 

Каюзак Олланд сафдошларидан бири ҳисобланади, собиқ вазир президентнинг сайловолди кампаниясида муҳим ўрин тутган эди. Кампания «Сайловчилар олдида тўлиқ шаффофлик» шиори остида бўлиб ўтганди.