Халқаро Олимпия қўмитасининг тиббий ва илмий раҳбари, шифокор Ричард Бажетт қўмита директорлар кенгаши йиғилишидан кейинги матбуот-анжуманда 2008 ва 2012 йилги Олимпиадаларда олинган допинг-намуналар билан такрорий текширув ўтказилгани ҳақида ҳисобот берди.  

"Бу ХОҚнинг тоза спортчиларни ҳимоя қилишдаги жуда муҳим ишидир. Биз Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) билан барча маълумотларни олиш учун биргаликда ишладик. Рио-2016’да иштирок этиши мумкин бўлган 41 спортчи четлатилди. Июлда биз 98 та ижобий допинг-намуна топилганини эълон қилгандик. Ҳозир бу рақам 101 тага етди ва мен Лондондаги Олимпиададан яна ижобий намуналар олинишини тасдиқлашим мумкин. Пекиндаги намуналарни қайта текшириш бўйича ишлар эса якунланди", деб айтди Бажетт.

"Намуналарни такрорий текшириш давом этмоқда, шунинг учун ҳозирда маълум бўлган рақамларнигина айтиш мумкин, бироқ улар ошиши мумкин: 49 нафар спортчи Пекиндаги ўйинлардан кейин, 30 нафар спортчи Лондондаги ўйинлардан кейин четлатилган. Бизни ҳозирда алдаётган спортчилар шуни билишлари лозим: биз барча намуналарни сақлаб қўямиз ва улар 10 йил ичида қайта текширилиши мумкин", деб қўшимча қилди мутахассис.

9 декабрда WADA мустақил комиссияси ҳисоботининг 2-қисми тақдим қилинади, унда допинг-намуналари сохталаштирилган спортчилар номлари маълум қилинади ҳамда спортчилар таҳлилини алмаштириб қўйиш тизимини яратишда давлатларнинг иштироки исботи тақдим қилинади.