Мисрнинг собиқ давлат раҳбари Муҳаммад Мурсийнинг ўғли Шарқия вилояти маъмурий марказида ҳибсга олинган. Бу ҳақда "Ал-Ватан" янгиликлар портали хабар қилмоқда.

Унинг ёзишича, Усома Мурсий Заказик шаҳрида ушланган. У мамлакатда фаолияти тақиқланган "Мусулмон биродарлар" томонидан ташкил этилган тартибсизликларда иштирок этганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, полиция, армия ва давлат идоралари ходимларига нисбатан хуруж қилган. 

"Мусулмон биродарлар" вакили бўлган Муҳаммад Мурсий 2013 йил ёзида давлат раҳбарлигидан ағдарилган эди. Аввалроқ, қамоқхонадан қочганлиги ва оммавий тартибсизликларда қатнашгани учун у ўлим жазосига маҳкум этилган, аммо, 2016 йил ноябрида Мурсий иши такрорий суриштирувга юборилганди. Ҳозирда у Қохира яқинидаги Тора қамоқхонасида сақланмоқда.