Москва шаҳар думасининг ёдгорлик санъати бўйича комиссия пайшанба куни ўтказилган йиғилишда Россия пойтахтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилиши ғоясини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Комиссия раиси Игорь Воскресенскийга асосланиб Интерфакс нашрининг хабар беришича, Каримовга Москвада ёдгорлик ўрнатиш ғояси Ўзбекистон томонидан билдирилган.

Ёдгорлик Полянка кўчасидаги хиёбонга ўрнатилиши режалаштирилган.

"Ҳайкал Ўзбекистон элчихонаси фонида жойлашади", - дея қайд этган Воскресенский.

Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов комиссия аъзоларига ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдирган.

"Ҳайкал лойиҳаси халқаро танлов орқали танланади", - деган элчи.

Ҳайкалтарошлик ишлари учун тўловлар Ўзбекистон томонидан амалга оширилади, ҳудуддаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари харажатлари Москва бюджети томонидан қопланади.