Швейцариянинг Пайерн шаҳрида илк маротаба SolarStratos номли қуёш батареяларида ишловчи самолёт намойиш этилди. Бу ҳақда ишлаб чиқарувчилар хабарида сўз юритилган. Икки кишилик самолёт вазни атиги 450 кг бўлиб, қанотлари  қамрови 24,8 метрни, самолёт узунлиги 8,5 метрни ташкил этади. Унинг қанотлари ва дум қисми қуёш панеллари билан қопланган. 

Панеллар томонидан ишлаб чиқарилган энергия 32 кВт қувватдаги электромоторни ҳаракатга келтиради. У диаметри 2,2 метрлик пропеллерни айлантиради. Самолёт Рафаель Домян ижодига мансуб. У 2012 йилда қуёш энергиясида ишлайдиган PlanetSolar кемасида дунёни айланиб чиққан илк сайёҳатчи бўлгани билан машҳур. Самолётнинг ўзига хослиги шундан иборатки, конструкторларнинг уқдиришларича, у биринчи марта стратосферага – 25 минг метр баландликка кўтарилиши мумкин. 

Вазнни енгил қилиш мақсадида учувчилар хонаси герметикланмаган. Шу сабабли учувчилар махсус скафандрларни кийиб учишлари талаб этилади. Унинг илк синови 2017 йил февралига белгиланган. Стратосферага илк парвозлар 2018 йилда амалга оширилади.