Россия ҳарбийлари ўзи ҳаракат қиладиган сув ости кемасини синовдан ўтказди. У «Океан кўпмақсадли "Статус-6" тизими» билан боғлиқ равишда амалга оширилган ҳамда ядро қуролини таший олади. Бу ҳақда Washington Free Beacon нашри шарҳловчиси Билл Герц хабар қилмоқда.

АҚШда Kanyon деб аталувчи қурилманинг синови 27 ноябрда бўлиб ўтган. Унда 20120 лойиҳасидаги Б-90 «Саров» сув ости кемасининг нималарга қодирлиги текшириб кўрилган. Гарчи, бундан Америка разведкаси хабар топган бўлса-да, унга доир бошқа тафсилотлар маълум эмас. 

Washington Free Beacon шарҳловчисининг фикрича, бу қурилма мустақил ҳаракатланувчи сув ости кемалари орасида инқилоб ясайди. Унинг сўзларига кўра, Kanyon «ядро қуроллари орасидаги энг йириги бўлган мегатонна тоифасидаги қурол билан жиҳозланади».

Пентагон расмий вакили Жефф Дэвис ўз навбатида, мазкур хабарни изоҳлашдан бош тортган. «Биз Россия сув ости технологиялари ривожини диққат билан кузатмоқдамиз, аммо уни изоҳламаймиз», — деган Дэвис.