Американинг энг янги «кўринмас» ракета эсминеци Zumwalt (DDG-1000) 8 декабрь куни Калифорния штатининг Сан-Диего портига етиб келди. У АҚШ шарқий соҳилидан бу ергача келиш учун салкам 4 ойлик муддатни сарфлаган. Кемани тантанали кутиб олиш маросимида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг сув усти кучлари қўмондони вице-адмирал Том Роуден ҳам қатнашган, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги.

Таъкидланишича, эсминец Сан-Диего портига қадар қатор муаммоларга дуч келган. Уларнинг энг жиддийси кеманинг Панама каналидан ўтаётган вақтида рўй берган. 21 ноябрда эсминецнинг куч агрегати ишдан чиққан эди. Zumwalt Панамани 30 ноябрда тарк эта олган. «Кўринмас» эсминец таъмирига 9 кун вақт сарфланган. 

Zumwalt таснифидаги кемалар Американинг энг йирик ракета эсминецлари ҳисобланади. Биринчи шундай кема 15 октябрда жанговар сафга қабул қилинган эди. Тантанали маросим АҚШнинг Атлантика соҳилларидаги Мэриленд штати, Балтимор шаҳрида бўлиб ўтганди. 

Янги турдаги кемаларни қуриш ишлари 2007 йилда бошланган эди. Уларни General Dynamics Bath Iron Works компания барпо этмоқда.