Чехия парламентининг қуйи палатаси томонидан қабул қилинган чекишни тақиқлаш ва ёшларга алкоголь маҳсулотларини сотишни чеклаш тўғрисидаги қонун шуни кўрсатдики, ҳукумат учун тижорий қизиқишлардан кўра, соғлом кишилар муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда 9 декабрь куни журналистларга Чехия бош вазири Богуслав Соботка айтиб ўтган.

“Биз ҳукумат Чехияни ўз фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қиладиган ва буни турли қизиқишлардан, жумладан, тижорий мақсадлардан устун қўядиган маданиятли давлатлар қаторига киритишга астойдил киришаётганини кўрсатиб бердик”, — деди Соботка.

9 декабрь куни Чехия парламентининг қуйи палатаси узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг, 2017 йилнинг май ойидан бошлаб кучга кирадиган, жамоат жойлари ва жамоат транспорти бекатларида тамаки маҳсулотларини чекишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Қонунга мувофиқ тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ёшлар тадбири ўтадиган жойлар ва мактаблар яқинидаги автоматларда сотиш ҳам тақиқланган. Ресторан ва барларнинг очиқ айвонларидагина чекишга рухсат берилган. Аэропортлар ва йирик савдо марказларида махсус чекиш жойлари очилади. 

Қонунга кўра, Электрон сигаретлар ҳақиқийларига тенглаштирилган. 18 ёшдан кичик бўлганларга алкоголь маҳсулотлари сотган тамаддихона эгаларига қаттиқ жазо чоралари қўлланилади.