Ражаб Тойиб Эрдўған 11 декабрь куни Қозоғистонга келади. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги Туркия президенти маъмуриятига асосланиб хабар тарқатган. У Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев таклифи билан ушбу мамлакатга икки кунлик ташриф амалга оширмоқда.

Ташрифи давомида Эрдўған Назарбоев билан юзма-юз ва кенг доирадаги учрашувлар ўтказади. Президентлар икки давлат муносабатлари, кун тартибида турган долзарб масалалар ҳамда олий даражадаги Қозоғистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг учинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишади. Учинчи йиғилиш 2017 йили Туркияда икки сиёсатчи иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан олдинроқ, Туркиядаги маҳаллий нашрларда Ражаб Тойиб Эрдўған ўз мамлакатининг ШҲТга аъзо бўлиб кириши масаласида Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан муҳокама ўтказгани хабар қилинганди. ОАВ маълумотларига кўра, туркияликлар раҳбари ЕИга аъзо бўлиш - Туркиянинг ягона варианти эмаслиги ҳақида гапирган.

"Brexit тарқалиши мумкин, Францияда, Италияда шундай гаплар юрибди. Бундай шароитда Туркия ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин. Европа Иттифоқига аъзо бўлиш биз учун ягона вариант экани ҳақида гапириш керак эмас. Туркия ШҲТга аъзо бўлиб кириши ҳам мумкин. Мен буни Путин ва Назарбоев билан гаплашдим. Туркиянинг ШҲТдаги иштироки бизга бу минтақа давлатлари билан алоқаларда эркин ҳаракатланиш имконини беради", деганди Эрдўған Ўзбекистонга сафарини якунлаб қайтганида журналистларга.