Европа комиссияси 9 декабрь куни Германия ва ЕИнинг яна олти давлатига нисбатан текширувларни бошлади. Бу ҳолат Volkswagen иши бўйича рўй берган эҳтимолий қонун бузилишлари билан боғлиқдир, деб хабар берди «Интерфакс».

Энг асосий айбловлар Германияга қўйилмоқда. Айнан шу мамлакатда автоконцерннинг қароргоҳи жойлашган. Еврокомиссия маълумотларига кўра, ГФР ҳукумати «дизель можароси»дан сўнг ҳеч қандай қўшимча чораларни кўрмаган. Шунингдек, комиссиянинг фикрича, немис ҳукумати маълумотлар билан найрангларга атайин йўл қўйган бўлиши ҳам мумкин.

Германиядан ташқари текширувлар Чехия, Литва, Греция, Люксембург, Испания ва Буюк Британияга нисбатан ҳам бошланди.

Германия транспорт вазири Александер Добриндтнинг фикрича, мамлакат Volkswagen’ни жазолаш масаласида ЕИ қонунчилигини бузмаган ва унга боғлиқ бўлган барча ишни қилган.

Маълумот учун, Европа қонунларига кўра, чиқарилган газлар миқдорини сунъий равишда камайтирувчи ускуна ёки дастурий таъминотдан фойдаланиш – қатъиян тақиқланган.