Маълумки, 7 декабрь куни Индонезиянинг Ачех провинциясида кучли зилзила рўй берди. У ердаги қутқарув операциясида 1,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар, полиция ходимлари ва қутқарувчилар иштирок этмоқда. "Омон қолганларни топиш имкони у қадар катта эмас", - дейди табиий офатларнинг олдини олиш миллий агентлиги расмий вакили  Сутопо Пурво Нугрохо. The Straits Times шу ҳақида маълум қилди

Расмий маълумотларга кўра, унда 102 киши ҳалок бўлган, 750дан ортиғи жароҳат олган, булардан 136 нафарининг аҳволи оғир. Бироқ қутқарувчиларнинг тахминларига кўра, вайроналар остида яна одамлар бўлиши мумкин. Агентлик вакилининг таъкидлашича, "қидирув ишлари етти кун давом этади". Унинг сўзларига кўра, операция вақтида махсус техника, ҳусусан иссиқлик датчиклари қўлланилади. 

Ҳозирги вақтда тахминан 3,2 минг маҳаллий аҳоли вақтинчалик эвакуация марказларида бўлиб, ҳукумат озиқ-овқат, сув ва чодир етишмовчилигини ҳис қилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 6,4 магнитудали асосий зилзиладан кейин 300дан ортиқ ер силкиниши қайд этилган. Натижада 10 мингдаг ортиқ бино, шу жумладан турар жойлар, мактаблар, масжидлар ва дўконлар вайрон бўлган. 

Индонезия президенти Жоко Видодо куни кеча Банда-Ачехга ташриф буюрди, бугун давлат раҳбари энг кўп вайрон бўлган жойларга қутқарув операцияси ва қочқинларга яратилган шароитларни ўрганиш учун йўл олади.

2004 йилда Ачех провинцияси яқинида 9,1-9,3 магнитудали зилзилалар содир бўлган. Манбага кўра, ўшанда 280 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.