– Шоҳсупада турибману, ўзимга айтаман: «Бўлди, ўзингни қўлга ол, Олимпиада ёпилишига бир соат қолди, ҳозир Ўзбекистонда ярим тун, лекин оилам, маҳалладошларим, бутун халқимиз менинг ғалабамни байрам қилмоқда, балки дунёда юз миллионлаб одамлар мени кузатиб тургандир». Мадҳиямиз янграши билан бирдан титрай бошладим...

Бу – Бразилияда ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг финал жангида Озарбайжон вакили Лоренсо Сотомайорни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритган моҳир боксчимиз Фазлиддин Ғоипназаровнинг кўнглидан ўтган гаплар. Ўшанда ўзбек ўғлонига бутун дунё тан берган эди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаромизнинг ватанпарварлик бурчидир.

Бу йил мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди.

Давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов «Унутилмас Мутал акамиз» мақоласида халқимизнинг бу муаззам қўшиғи ҳақида шундай ёзган эди: «Мадҳия – тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир».

...Ҳар тонгда мадҳиямиз садолари остида янги кунга пешвоз чиқарканмиз, Ватанимизнинг бош қўшиғи тан-жонимизга она сути, алласи ва улуғ аждодларимиз ўгити билан кирган бемисл миллий қудрат, юксак интеллект, мустаҳкам иродани эслатиб туради.