Россиядаги ўзбеклар жамоатчилиги Екатеринбургда ESHAK деб номланган ресторан очилишидан ғазабини яширишмаяпти. Ушбу ресторан машҳур комик Сергей Светлаковга тегишли, деб хабар қилмоқда Znak.com сайти. 

«Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти» раиси Обид Туратовнинг таъкидлашича, шарқий либос кийган ва палов тўла қозон ёнида турган Светлаковнинг ортида эшак суратининг ресторан рекламасига жойлаштирилиши Ўзбек халқини ҳақоратловчи мазмунга эга. 

Шу муносабат билан, Туратов Свердлов вилояти инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли идора ва Экстремизмга қарши кураш марказига мурожаат қилган. У, шунингдек, прокуратурага ҳам ариза топшириш ниятида. 

«Ушбу ҳақоратомуз рекламани олиб ташлашига эришмоқчиман. Нима учун? Ўзаро душманлик уруғини сепмаслик учун. Кутилмаганда халқимизнинг ёшлари ичиб олиб, рекламани кўришади ва ресторан ойналарини синдиришади? – деган Туратов.  – Тошкентда, негадир рус ошхонасига доир «Свинья» номли ресторан йўқ. Чунки, бу ҳам ҳақоратли туюлади!» 

Айни чоғда ESHAK ресторанини ўз ичига олувчи Bulldozer Group маркетинг директори Ольга Глушкованинг сўзларига кўра, ресторан рекламаси кимларнингдир ҳиссиётларини камситиш мақсадига эга эмас. 

«Сергей Светлаков бундан жуда хафа. Бизнинг тушунишимизча, улар шу йўл билан ўзларини кўрсатишмоқчи. Бунинг бари бармоқ орасидан кир қидириш кабидир. Бизнинг ресторан ўзбек ошхонаси эмас, балки шарқ таомларини тайёрлайди. Шунга кўра, биз ҳеч кимни ҳақорат қилаётганимиз йўқ. Меҳмонлармизни ҳам бундай чақирмаймиз. Шу билан бирга, бирон кишининг ғурурини поймол қилмоқчи ҳам эмасмиз. Светлаков анча вақтдан буён туғилиб ўсган шаҳрига ажойиб таомларга эга яхши ресторан тақдим қилишни ўйлаб юрар эди. Можаронинг нима кераги бор, тушунмадим», - деган Глушкова.

Znak.com аввал хабар берганидек, Екатеринбург шаҳридаги ESHAK ресторани 12 декабрда очилиши кутилаяпти. 

ESHAK ресторанлари тармоғига актёр, продюсер ва телебошловчи Сергей Светлаков ва ресторатор Александр Орлов асос солган. Таомларни тошкентлик бош ошпаз тайёрлайди. Мазкур ресторанлар тармоғи Москванинг Рублев шоссеси ва Одинцово ҳудудида иккита шахобчасига эга.