Samsung компанияси шаклан ўзга сайёраликлар ҳақидаги фильмлардаги учар ликопчага ўхшаб кетувчи учувчисиз қурилмага патент олди. Ҳужжат Корея интеллектуал мулк бюроси томонидан берилди. Hi-Tech нашри шу ҳақида маълум қилди. 
 
Жанубий Корея гигантининг янги ишланмаси - камера билан жиҳозланган учувчисиз қурилма. Компания патент олиш учун аризани апрель ойида берган бўлса-да, ҳужжатларни декабрь ойида тақдим этган. 

Диск шаклидаги конструкциянинг ичида роторли двигатель яширинган. У хавфсизликни кўзлаб, икки томондан панжара билан ёпилган. Бундан ташқари, ликопча икки оёққа ҳам эга. 

Учувчисиз қурилма корпуси металл ва синтетик қатронлардан ишланган. Камера махсус токчага ўрнатилган бўлади. Ишлаб чиқариш жараёнида конфигурация ўзгартирилиши мумкин, албатта, лекин унинг патентдан катта фарқ қилмаслиги аниқ.