АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз маъмурияти давлат котиби лавозимига Ford Motor компаниясининг собиқ раҳбари Алан Мулаллини тайинлаши мумкин. Бу ҳақда ABC телекомпанияси хабар берди. Таъкидланишича, америка ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари лавозимига номзодлар рўйхати тинимсиз равишда кенгайиб бормоқда.

ABC’нинг аниқлик киритишича, Мулалли рўйхатда ExxonMobile раҳбари Рекс Тиллерсондан сўнг иккинчи йирик бизнес вакилидир.

Телекомпаниянинг эслатишича, Трамп томонидан давлат котиби лавозимига кўриб чиқилаётган номзодлар орасида Нью-Йорк собиқ ҳокими Рудольф Жулиани, ташқи ишлар бўйича сенат қўмитаси раиси Боб Коркер, АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Жон Болтон, АҚШ президентлигига собиқ республикачи номзод Митт Ромни, шунингдек НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис ҳам бор.

Ҳозирда 71 ёшда бўлган Мулалли эса Канзас штати университетида муҳандислик йўналишида таҳсил олиб, 1960 йиллар охирида Boeing компаниясига ишга келган. У Ford Motor’ни 2006 йилнинг сентябрь ойида қабул қилиб олиб, йирик молиявий-иқтисодий инқироз даврида компаниянинг барқарор ишлашини таъминлаб берди. Мулалли 2014 йилнинг июлида Ford Motor раҳбарлигидан кетиб, айни дамда Google компанияси директор кенгаши таркибига киради.

Трамп эса АҚШнинг янги давлат котиби ким бўлиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, ўз қарорини “яқин кунлар ичида” маълум қилишини айтиб ўтди. Сиёсатшуносларнинг фикрича, бу ҳолат келаси ҳафтада рўй бериши мумкин.