10 декабрь, шанба куни президентлик бошқарув шаклига ўтиш мақсадида Туркия конституциясининг янгиланган   лойиҳаси мамлакат парламентига киритилади. Бу ҳақида Туркия бош вазири Бинали Йилдирим берган маълумотга асосланиб, NTV телеканали хабар берди. 

"Туркия ва турк халқи бу таклифлар орқали кучли парламент ҳамда қудратли ижро ҳокимиятини кўзда тутувчи янги даврга қадам ташламоқда. Бу демократияни мустаҳкамлайди ва коалициялар даврига чек қўяди. Биз эртага барча таклифларимизни парламентга кўриб чиқиш учун тақдим этамиз", - деди Йилдирим.

Янги қонун лойиҳаси парламентга киритилишидан аввал ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ҳамда  Миллий ҳаракат партияси (МҲП) вакиллари қўшма баёнот билан чиқиш қилиши ва конституцияни ўзгартириш бўйича 20 таклифдан иборат пакетни тақдим этиши кутилмоқда. 330 нафардан ортиқ депутат буни ёқлаб овоз берса, парламент референдумга конституцион тузатишлар киритади. Референдум 2017 йилнинг март ёки апрелида ўтказилиши мумкин. 

Парламентда 355 ўринга эга АТП ва МҲП вакиллари референдумни ёқлаб овоз бериши кутилмоқда. Парламентдаги қолган икки партия эса Туркияда президентлик тизими жорий қилинишини ёқламайди. Улар мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни яккаҳокимликка бўлган уринишда айблашмоқда.