Импичмент қилинган Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе қонунчиликка кўра, бош вазир Хван Гё Анга ўз ваколатларини топширди.

Ёнҳап агентлиги маълумотига кўра, давлат раҳбари парламентнинг импичмент ҳақидаги қарори маълум бўлиши биланоқ бунга розилик билдирган.

"Шу вақтдан эътиборан президент Пак давлат ва маъмурият раҳбарлигини бажара олмайди", — дейилган агентлик хабарида.

Импичмент бўйича қарор Миллий мажлиснинг 300 нафар депутатининг 234 нафари томонидан маъқулланганди. Конституциявий суд ушбу қарорни кўриб чиққунга қадар президентнинг давлат раҳбари сифатидаги барча ваколатларини вақтинча тўхтатди.

Конституциявий суд бу қарорнинг қонунийлигини 180 кун ичида кўриб чиқади. Бу суд импичментни рад этиши ва Пак Кин Хенинг президентлик ваколатини тиклаши ҳам мумкин.

Жанубий Корея Мудофаа вазири Хан Мин Гу ушбу воқеалар туфайли қуролли кучлар жанговар ҳолатга келтирилгани ҳақида маълум қилган.