Грац университетидаги немис тилининг австрияча вариантини тадқиқ қилиш бўйича институт йил сўзи деб – Bundespräsidentenstichwahlwiederholungsverschiebung неологизмини тан олди. У “федерал президент сайловларининг иккинчи туридаги такрорий овоз беришни кўчириш” деб таржима қилинади. Бу ҳақда Kurier газетаси хабар бермоқда.

Неологизм 51 ҳарфдан иборат бўлиб, унинг учун йил сўзини танлашда иштирок этган 10 минг кишининг ярмидан кўпи овоз берган.

Ҳайъат раиси Рудольф Мурнинг фикрича, бу сўз “ўз маъноси ва узунлиги жиҳатидан жорий йилдаги сиёсий воқеаларнинг ўзига хос рамзидир”.

Йилнинг энг ёмон сўзи деб Öxit тушунчаси тан олинди. У худди Brexit каби Австриянинг ЕИ таркибидан чиқишини англатади.

Маълумот учун, Австриядаги президентлик сайловлари икки турда бўлиб ўтди – 24 апрель ва 22 май. Биринчисида ғолиб аниқланмай, иккинчи турга икки номзод чиқди. Такрорий сайловлар эса 2 октябрга белгиланиб, кейинчалик номаълум муддатга қолдирилган. 4 декабрь куни эса қайта сайловлар ташкил этилиб, унда яшиллар Партияси вакили Ван дер Беллен ғалаба қозонди.