АҚШнинг Google корпорацияси Куба ҳукумати билан орол давлат аҳолисини тезкор интернет билан таъминлаш бўйича келишувга эришган. Эндиликда, кубаликлар Америка компаниясининг интернетдаги хизматларидан фойдалана олади, деб хабар қилмоқда The Associated Press (АР).

Агентлик маълумотларига кўра, келишув Google компаниясига расман эгалик қилувчи Alphabet корпорацияси раҳбари Эрик Шмидтнинг Ҳаванага ташрифи чоғида Куба ҳукумати вакиллари билан имзоланади. Битимга кўра, кубалик интернет фойдаланувчиларга Google хизмати таркибига кирувчи Gmail электрон почта, YouTube видеохостинги ва бошқа қатор сайтларга катта тезликда уланиш имкони тақдим этилади. 

Ҳозирча, келишувнинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган. Шу билан бирга, Кубанинг янги серверлари қаерда жойлашиши ҳам номаълум, деб ёзади АР. Агентликнинг қайд этишича, Кубадаги интернетга уланиш тезлиги дунёдаги энг секинларидан биридир. 

Хабарларга кўра, ҳозирда, Куба ҳукумати, Дональд Трамп ўз вазифасига расман киришгунча, Америка компаниялари билан кўпроқ ўзига фойдали битимларни имзолашга уринмоқда. Дональд Трамп орол давлат билан муносабатлар яхшиланишини маъқулламайди. 

Трамп, сайловолди кампанияси чоғида, расмий Ҳавана Вашингтоннинг қатор талабларини бажармаса, Барак Обама даврида эришилган натижаларни бекор қилишини таъкидлаган эди.