Расулуллоҳ (с.а.в)да барча яхши сифат ва гўзал ахлоқ жамланган эди. Шунинг боис у зот (с.а.в) инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай марҳамат қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.

Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбари (с.а.в)дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида пайғамбар (с.а.в): “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”, деганлар.
Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

Расулуллоҳ (с.а.в) ҳаётдан риҳлат қилиб саҳобалардан оз сонлилари қолган эди. Шулардан Миқдод ибни Асвад (р.а)ни олдиларига бир киши келиб, кўзларига термилиб туриб: “Қандай ҳам бахтли кўзларки, бу иккала кўз Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўрган, кошкийди биз ҳам сиз кўрган нарсани кўрганимизда”, деб Расулуллоҳ (с.а.в)ни ирода қилди.

Шунда Миқдод ибни Асвад (р.а) бу кишини гапига таажжубланиб дедилар: “Биласизми, Расулуллоҳ (с.а.в) шундай бир замонда дунёга келдиларки, жоҳилият авжига чиққан пайтда Аллоҳ таоло у зот а.с.ни Қуръон билан юборди, у пайтда ибодатнинг энг афзали буд-санамларга сиғиниш эди. Баъзи бир хонадонларда ўғил иймонга келган, аммо ота мушрик, баъзиларида эса аёл мусулмон, аммо фарзандлари мушрик ёки аксинча. Гап кўзда эмас, Аллоҳга шукр қилинг, чунки у зотни кўрмасдан туриб иймон келтириб турибсиз. Биласизми, пайғамбарни кўрган кўпгина кўзларни Аллоҳ таоло юз тубан жаҳаннамга мустаҳиқ қилди. Шунинг учун гап кўзда эмас, балки иймонда”, дедилар.

Увайс Қароний ҳақларида ҳам Пайғамбар (с.а.в) жаннатийликни башорат беришларига сабаб, у зотни кўриб иймон келтиргандан кўра, кўрмасдан туриб иймон келтириш афзал эканини билганларидан эди. Бироқ бир замонда яшаган эдилар, бориб кўришсалар бўларди, аммо кўришмасаларда у зотга муҳаббатлари чексиз эди.

Умуман олганда киши ўзга бир кимсага муҳаббат қўйиши учун маҳбубига нисбатан унда тўрт нарса сабаб бўлади.

1.  Насабининг олийлиги.
2.  Ҳасаб, яъни хулқи атвори.
3.  Жамолининг гўзаллиги.
4.  Камолотга етганлиги.
Биз эътибор берадиган нарса шуки Аллоҳ таоло мазкур тўрт сифатнинг барчасини Пайғамбар (с.а.в)да жамлаб қўйган.

1.  Насабларини олий қилиб қўйди. Ўша замонда Макканинг энг мансабдорларидан бўлган Бани Ҳошим қабиласидан чиқдилар.

2.  Хулқларини олий қилиб қўйди. Ҳатто Ўзи Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад (с.а.в.) Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган.

3.  Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Кейинчалик кўп қарайвериш билан кўникиб, охири билинмай қолади. Масалан, Юсуф (а.с)нинг ҳуснлари. Жамол эса, киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббат ошиб, охири қараб тўймайдиган ҳолатга етиб бораверади. Пайғамбар (с.а.в)да ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар (с.а.в)нинг аёллари Юсуф (а.с) ҳақларида гаплашиб: “Юсуф (а.с) жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб, аёллар тўғраётган сабзилари қолиб, қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлар-а?”, деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар (с.а.в) у мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!”, деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар (с.а.в) юзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот (с.а.в) қайтиб ичкарига киришлари билан Хадича (р.а)нинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбар (с.а.в)нинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқарди, кейин бўлса Пайғамбар (с.а.в)нинг юзларига қараб тўймайдиган бўлиб қоларди.

4.  Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар.
Пайғамбар (с.а.в) пурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.

У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, ўч олишга қодир бўлатуриб, кечириб юбориш, азиятга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамнинг ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидай олмай кетиш ҳоллари учраб туради. Бироқ Расулуллоҳ (с.а.в)га озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳиллар жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошаверди.

Аллоҳ таоло барчамизни у зот (с.а.в)га содиқ уммат қилиб, суннатларига эргашиб, ахлоқларини ҳаётимизга татбиқ қилиб, жаннатда ўз қўлларидан кавсар сувини ичмоқлигимизни насиб этсин!

 
 Илҳомжон Мадалиев,

“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби