Молдова парламенти жума куни Кишинёвда НАТОнинг алоқа бюросини очиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Мазкур келишув Брюсселда мамлакат бош вазири Павел Филип ҳамда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг томонидан имзоланган. РИА "Новости" шу ҳақида хабар берди

Молдованинг 59 нафар депутати мазкур ҳужжатни ёқлаб овоз берган. Мухолифат фракциялар қонунчилари - социалистлар ва коммунистлар бунга қарши чиқишган. Қонун лойиҳаси эслатмасига кўра, "НАТОнинг алоқа бюроси ҳамкорлик дастурларининг барчасида Молдова  иштирокини рағбатлантиради ва қўллаб-қувватлайди".

"Молдова НАТО билан кўп соҳаларда сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш тарафдори. Бу Молдова ҳавфсизлик ва мудофаа сектори ислоҳоти, янги таҳдидларга, жумладан киберхавфсизликка қарши курашиш, қуролли кучларни ислоҳ қилиш ва модернизациялаштириш", - дея таъкидланган ҳужжат матнида. 

Молдованинг янги сайланган президенти Игорь Додон Кишинёвда НАТО идораси очилишига доир келишувни танқид остига олган ва "республикага ҳарбий блокларни киритиш борасидаги ҳар қандай уринишларга қарши эканлиги"ни таъкидлаган.