Жанубий Кореянинг Samsung компанияси муомалада қолган барча Galaxy Note 7 телефонларини мажбуран блоклашни амалга оширади. Бу ҳақда NBC телеканали корпорация матбуот-хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

19 декабрь куни ушбу смартфон дастурий таъминотининг янги намунаси чиқади. У телефон батареяларининг қувват олиш имкониятини ишдан чиқаради ҳамда гаджетларнинг мобил тармоқлар ва симсиз интернетга уланиш қобилиятини блоклайди. 

Ишлаб чиқарувчига кўра, фойдаланувчилар харид қилган Note 7 смартфонларининг 93 фоизини қайтариб берган, бироқ истеъмолчилар ихтиёрида қолаётган 7 фоиз қурилмалар ҳам жиддий хавф солади. 

Модель 2016 йил августида сотувга чиқарилган эди. Корпорация, икки ойдан сўнг, телефонларнинг ўз-ўзидан ёниб кетиш ҳоллари кўпайгани сабабли, дастлаб савдоларни тўхтатган, сўнгра ишлаб чиқаришга ҳам барҳам берган эди. Ҳозирча, телефон батареясининг нима сабабдан аланга олаётгани аниқлангани йўқ.