Ҳар қандай касб, тижорат, тадбиркорлик ва ҳоказо билан шуғулланувчи шахс энг аввало ниятини холис қилиб олиши зарур. Масалан, қилинаётган саъй-ҳаракат заминида маишати учун кифоя қиларлик даражада ризқ топиш орқали ўзи ва аҳли оиласини одамларга юк бўлиш, бировларнинг қўлига қарам бўлиб қолиш, бошқаларнинг молига кўз олайтириб, тамагирлик қилиш каби ҳолатлардан ҳимоя остига олиш, иффатини сақлаш, ҳалол ризқ топиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш каби эзгу ниятлар бўлиши лозим. Ана шундай қилса, иншааллоҳ инсоннинг ризқ талабидаги ҳар бир ҳаракати ибодатга айланади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек амаллар ниятларга кўра эътиборлидир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар:

 الساعي على الأرملة والمساكين، كالمجاهد في سبيل الله، وكالذي يصوم النهار ويقوم الليل

«Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)». (Имом Бухорий, «ал-Адаб ал-муфрад», Имом Муслим ва Ибн Можа).

Касби ва тижорати борасида керакли билим, фиқҳий тушунчаларга эга бўлиш. Инсон ўз савдо-сотиғида ҳаромга тушиб қолмаслиги, бировнинг ҳақини еб қўймаслиги ёхуд молига шубҳа аралашиб қолмаслиги ҳамда дуруст савдо билан нодуруст савдони ажрата билиши учун тижоратга доир умумий аҳкомларни билиб олиши мустаҳаб саналади. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврларида тобеинларнинг улуғлари бозорларни айланишар ва бозордаги сотувчилардан тижорат ва савдо-сотиққа доир қийин-қийин масалаларни сўрашарди. Жавоб бера олганлари қоларди, жавоб бера олмаганлари эса то ўрганиб келмагунча бозордан четлатиларди.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) «Бозорларимизда фақат динда фақиҳ бўлган кимсаларгина савдо қилишсин!» деб жар солдирар эдилар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби