АҚШ Япониядан Путинни "илиқ қабул қилмаслик"ни талаб қилди

Жаҳон 11 Декабрь 2016 13546
Фото: ТАСС

АҚШ Япония ҳукуматидан Россия президенти Владимир Путин ташрифини ташкиллаштиришда "тийилиш"ни талаб қилди. Хусусан, Вашингтон дастур доирасида Токиога ташриф режасининг киритилишига эътироз билдирди. Вашингтонга кўра, "Россия раҳбарининг пойтахтда илиқ кутиб олиниши "еттилик"нинг Москвага босимини юмшатиши мумкин". Бироқ Kyodo агентлигининг хабар беришича, Япония "АҚШнинг эътирозларини эътиборга олмади". 

Манбага кўра, ноябрь ойида ушбу учрашувни Нагато (Ямагути префектураси) ва Токиода юксак даражада ўтказиш ҳақида қарор қабул қилингандан кейин Америка томон "дипломатик каналлар орқали" бир неча маротаба ўз эътирозларини билдирган.

АҚШ дипломатларининг фикрича, Путиннинг Токиода қабул қилиниши "еттилик" мамлакатларининг Россияга нисбатан ҳамфикр эмаслигига ишора қилиши мумкин. Японияда эса, "Токио G7 аъзоси ролини ўйнаши муҳимлиги, бироқ икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда ўз миллий манфаатларини кўзлаши табиий" эканлиги таъкидланган. Токио томон, шунингдек РФ президенти император Акихито қабулида бўлмаслигини маълум қилган. 

Жорий йилнинг 8 декабрь куни Япония ТИВ 15-16 декабрь кунлари Владимир Путиннинг ташрифи ҳақида расман эълон қилган. Ташриф доирасида Россия раҳбари мамлакат бош вазири Синдзо Абэ билан Нагато ва Токиода учрашувлар ўтказади. 

Кўпроқ янгиликлар