Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Латвиядаги халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади

Спорт 11 Декабрь 2016 11979

Латвия пойтахти Рига шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган Riga Open 2016 халқаро турнири Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди.

Швеция, Финляндия, Норвегия, Грузия, Исроил, Россия, Украина, Беларусь, Арманистон ва мезбон Латвия вакилларига қарши баҳслар якунида ўзбекистонлик боксчилар 4та олтин ва битта кумушга эга чиқиб, умум жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Дастлабки финал баҳсида 64 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Элнур Абдураимов россиялик Анатолий Зирнов устидан ғалаба қозонган бўлса, 56 кг вазнда Абдулхай Шараҳматов мезбон жамоа вакили Никита Андрошчуксни мағлуб этди.

52 кг вазн тоифасида баҳсга киришган Сирожиддин Ғуломжонов исроиллик рақиби Давид Алавердианга имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан кифояланди.

Яна икки вазн тоифасидаги жанглар ҳам Ўзбекистон вакиллари фойдасига ҳал бўлиб, улар ҳам шоҳсупанинг энг юқори ўринларидан жой олишди.

75 кг вазн тоифасида Маҳмуд Гаипов беларуслик Иляс Адзиневни енгди, супероғир вазнда Баҳодир Жалолов латвиялик Эвандрес Сервутсни таслим этди.

Турнирнинг “энг яхши боксчиси” учун соврини Элнур Абдураимовга топширилган. 

Кўпроқ янгиликлар