Украиналик боксчи Владимир Кличко ва IBF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Энтон Жошуа ўртасида WBA йўналиши бўйича бўладиган жанг 2017 йилнинг 29 апрель куни Лондоннинг “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Жошуанинг промоутери Эдди Хирн маълум қилган.

Якшанба оқшомида Жошуа IBF йўналиши бўйича жаҳон чемпионлигини ҳимоя қилиш йўлида америкалик боксчи Эрик Молинани 3 раунддаёқ техник нокаутга учратди. Жошуа бошида Владимир Кличко билан жанг ўтказишни режалаштирган эди. Аммо украиналик боксчи жароҳат олгани сабаб бу жанг ўтказилмади. Хирннинг маълум қилишича, 29 апрель куни “Уэмбли” стадионида ўтадиган жанг “британ бокс тарихида энг катта оқшом бўлади”.

"Мен Молина томонидан ҳеч қандай хавф кўрмадим, аммо эҳтиёт бўлдим. Энди эса Кличко билан ўтадиган жангда бутунлай тайёрман. Ҳеч қандай муаммо йўқ”, деган Жошуа Молина билан ўтган жангдан сўнг.