11 декабрь куни Македонияда сиёсий инқироз фонида навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтади. Тахминларга кўра, сайловлар ҳукмрон режим алмашинувига олиб келиши мумкин. Бу ҳақида РИА "Новости"хабар берди. 

Тенг имкониятларга эга бўлган икки партия - ҳукмрон Македония миллий бирлик демократик партияси (ММБДП) ва мухолифат Македония социал-демократик иттифоқ (МСДИ) тақдирини учинчи куч - Албания миллий озчилик партияси ҳал қилиши мумкин.

Сайловчиларнинг сўнгги рўйхатига Давлат сайлов комиссияси (ДСК) қарори билан овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 1 784 416 нафар фуқаро киритилган. Улардан 1 531 368 нафари республика ҳудудида овоз беради. 

Мамлакат ва Македония диаспораси етти сайлов округига ажратилган. Уларда ғолиб бўлиш учун рўйхатдан ўтган 11та блок ва ҳаракат даъвогарлик қилмоқда. 

Республика ҳудудидаги парламент сайловлари маҳаллий вақт билан соат 7:00дан 19:00гача бўлиб ўтади. ДСК сайловлар бўйича дастлабки маълумотларни овоз бериш жараёнидан сўнг 12 соат ичида эълон қилиши керак.