Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмушнинг маълум қилишича, Истанбулдаги портлашлар Курдистон ишчилар партияси аъзолари томонидан содир этилган.

«Бу терактлар ортида КИП турибди», —дея бош вазир ўринбосарининг сўзларини келтирган Hurriyet.

Куртулмуш ушбу портлашда роса 400 кг миқдоридаги портловчи моддадан фойдаланилганини айтиб ўтган.

Истанбулнинг Бешиктош туманида жойлашган Vodafone Arena ўйингоҳи яқинида 10 декабрь оқшомида содир этилган терактлар туфайли 38 киши ҳалок бўлди ва 160 киши жароҳатланди.

Бундан олдинроқ Туркия ИИВ ушбу терактга алоқадорликда гумон қилиниб, 13 киши қўлга олингани ҳақида хабар берганди.