Хитойнинг Tencent ресурси Apple маҳсулоти бўлган iPad Air қурилмасининг портлаш ҳолати ҳақида хабар берди. Қурилма зарядлаш вақтида ҳаддан зиёд қизиб кетганлиги туфайли портлаб кетган ва унинг бўлаклари бутун хонага сочилиб кетган. Hi-Tech нашри шу ҳақида маълум қилди. 

Манбага кўра, портлаш ҳақида Нинбо шаҳрида яшовчи Лин фамилияли киши маълумот берган. У кечқурун 2015 йилда ишлаб чиқарилган планшетни олиб, зарядлашга қўйганини таъкидлаган. 

Тунда эса планшет қаттиқ қизиб кетган ва портлаган. Портлашдан кейин зарядлашга қўйилган жавоннинг устида катта қора доғ қолган. Қурилманинг ўзи эса бўлакларга ажралиб кетган, уни қайта тиклашнинг иложи йўқ. 

Линнинг сўзларига кўра, ўзининг жабрланмаганлиги ҳам катта гап. Таъкидланишича, ўша пайтда Линнинг эгнида бўлган қалин кийим уни қутқариб қолган. Планшет эгаси унинг фарзандлари портлаган iPad Air суратини ишлаб чиқарувчига йўллаганини маълум қилган. Apple ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган.