Япониянинг Ирума шаҳрида кексаликда ақли заифликдан азият чекувчи маҳаллий аҳолига нисбатан ноодатий усул қўлланади. Деменцияга дучор бўлган беморларнинг қўллари ва оёқларига эгаси ҳақидаги маълумотларни сақловчи QR-кодли стикерлар туширилади. Мазкур қарор кекса ёшли кишилар йўқолиб ёки адашиб қолган тақдирда, уларни топишга ёрдам беради. Бундан ташқари, QR-кодда фавқулодда вазиятларда боғланиш мумкин бўлган шахсга доир маълумот ҳам жойланади. Japan times нашри шу ҳақида маълум қилди. 

Лойиҳа ўтган ойдан бошлаб Японияда тест режимида ишга туширилди. Квадрат шаклдаги стикерлар қўл ёки оёққа туширилгандан кейин икки ҳафтагача сақланиб туради ва сувда ўчиб кетмайди. Маҳаллий амалдорларнинг таъкидлашича, ушбу белгилар махсус ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар ёки пойабзалларга қараганда самаралироқдир, чунки ёши бир жойга борган, деменцияга йўлиққан киши "х" кунида бу майка ёки пойабзалини кийишига кафолат йўқ. 

Сўнгги маълумотларга кўра, 2060 йилга бориб, Япония аҳолисининг 40 фоизини нафақахўрлар ташкил қилади. Статистика бўйича, бугунги кунда мамлакатдаги 75 ёшдан ошган 4,8 миллион киши ҳайдовчилик гувоҳномасига эга.