Каримжон Ёров Москва шаҳри метросида ҳуқуқ-тартибот хизмати ходимларини синаб кўришга қарор қилди. Йўловчи полициячиларни хушмуомалалик ва федерал қонунларни билиш бўйича тестдан ўтказди, деб хабар берди Лайф.

Эркак метро бекатлари бўйлаб юриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан суҳбатга киришади ва уларни мобил телефонига ёзиб олади. 

Унинг саволлари ҳозирги иш ва полициячиларнинг хатти-ҳаракати қонунийлиги билан боғлиқ. Каримжон Ёровнинг таъкидлашича, муҳожирлар ҳуқуқи кўп ҳолларда бузилади.

— Ноўрин хатти-ҳаракатни кўрган барча бекатларда суратга олиб, улар билан суҳбатлашишга уриниб кўраман, - дея айтиб ўтди Каримжон Ёров —Ўзларини таништиришмайди, асоссиз ушлаб қолишади, федерал қонунларни деярли билишмайди, фақатгина бошлиқлари нима деса ўша нарсани билишади.

Видеоёзувлардан кўриш мумкинки, ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан сўзлашувлар бир неча дақиқа давом этади. Каримжон ҳар доим бир хил саволлар беради. Ички ишлар бошқармаси ходимлари эса эркакни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришга уриниб, ўзларини қонун доирасида тутишади.