Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оила ва фарзанд тарбияси ҳар бир жамиятда муҳим масала ҳисобланади. Алҳамдулиллаҳ, Республикамизда оилага бўлган эътибор, соғлом авлод учун қилинаётган хайрли ишлардан халқимиз жуда мамнун. Зеро, жамиятнинг барқарорлиги оила мустаҳкамлиги ва фарзандларнинг жисмоний, ахлоқий ва маънавий баркамоллигига боғлиқ. Таассуфки, масжид имом-хатибларига мурожаат қилувчиларнинг кўпчилиги оилавий муаммолар ечими ҳақида сўрашади. Уларнинг аксари талоқ масалаларидан бехабардир. Ваҳоланки, никоҳ ва талоқ масалаларига оид китоблар чоп этилган. Агар уларни ўқиб, озгина шаръий одобларни ўрганиб, унга амал қилинса,  муаммолар бартараф бўларди. Биз керакли касбларни эгаллаймиз-у оила, эр-хотин муносабатлари масалаларини, фарзандни тарбия қилиш усулларини ўрганмаймиз! Оддий бир жиҳозга эътибор берилганидек оилага ҳам меҳр, эътибор бўлса,  ўз-ўзидан муаммоларнинг ҳам олди олинади.

Оиладек муқаддас даргоҳга ёшларни тайёрлаб бориш биз катталарнинг вазифамиз бўлади. Фақат насиҳат билан эмас, амалий кўникмалар билан фарзандларни катта ҳаётга ҳозирлаш зарур. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтилмаган. 

Бунинг учун ахлоқий тарбияга, покликка эътибор беришимиз зарур, деб ўйлайман. Чунки пок луқма еб вояга етган инсондан ёмонлик чиқмайди. Ҳолбуки, мўмин одам дуч келган нарсани суриштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланиб кетавермайди ҳам. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Бақара, 188).

Муфассирлар мазкур оят тафсирида: “Бировнинг молини ботил йўл билан ейиш – шариат ман этган ишдир”, дейишган.  

Уламоларнинг фатволарида: “Кишилар ҳақини ноҳақ егувчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, судхўр, етим молини егувчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга бир нарса олиб ундан тонувчи, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”, дейилган. 

Айниқса, қарз масалаларида жуда эътиборсиз бўлиб қоляпмиз. Айрим қарз олган кишилар қайтаришга парво қилмай қўйди. Қўл билан бердик, оёқ билан югуряпмиз, шу маблағ ҳозир ўзимга жуда зарур эди. Қори ака, нима қилайлик, деб маслаҳат сўраб келишади. Қарз олиб уни қайтармасдан юрганлар фарзанди, оиласини нопок луқма билан боқаётганини ҳеч ўйлаб кўрдимикин? Оила, фарзандлар Аллоҳ таолонинг бизга омонати, уларни пок луқма билан парваришлаб, катта ҳаётга тайёрлаш барчамизнинг вазифамиздир. 


 
Исҳоқжон Бегматов
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, 
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби