Россия армияси генерали Юрий Балуевский Суриянинг Пальмира шаҳридаги сўнгги вазият юзасидан фикрларини билдирган. У 2004-2008 йилларда Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари бўлган, деб хабар қилмоқда «Интерфакс» агентлиги.

Генералнинг фикрича, бу ҳарбий режалаштириш борасида нуқсонлар борлигини кўрсатади. 

Унинг сўзларига кўра, бундай вазият, узоқ давом этган гуманитар танаффус сабабли ҳам вужудга келган. Айнан шу туфайли жангарилар қайта гуруҳланиб, ўч олиш имконини йўққа чиқарган. 

«Бу яна бир бор ҳарбий устунликка берилган зарбадир. Шу жумладан, бизларникига ҳам», — деб қайд этган генерал. 

Балуевскийнинг таъкидлашича, ҳарбийлар ушбу ҳолатни олдинда кўра олишлари ва бунга жавобан ҳаракатларни режалаштириб қўйишлари лозим эди. 

«Жангариларни ҳеч нарса тўхтатмаслиги аниқ эди. Аммо, бугунги кунда, бизлар амалга ошираётган нарсалар, хусусан, гуманитар танаффуслар, ҳарбий сифатида менга тушунарсиз», — дея қўшимча қилган генерал.

Балуевский, шунингдек, террорчиларнинг Пальмирани қайтариб олиши муносабати билан Россия ҳарбий раҳбариятини танқид қилган. 

«Сурия армиясининг аҳволи қандай бўлишидан қатъий назар, рақиб кучларининг Пальмира атрофида тўпланишини кузатмаслик <...> Бу нотўғри. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ва у ердаги ҳамкасбларимни тушунмаяпман. Балки, сурияликларда бизлардаги имконият йўқдир. Аммо, Пальмирани олишгани рост бўлса, биз қаёққа қарадик?», — дея савол билан мурожаат қилган генерал. 

Шу билан бирга, Балуевский, Пальмира назорати тез орада тикланишига шубҳа қилмаган.